Маълумки, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Календарь режаси ҳамда Сайлов кодексининг 23-моддасида Участка сайлов комиссияси тегишли ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш — ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилиши белгилаб берилган.
Сирдарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича участка сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сирдарё вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зафар Хакимов бошқарган йиғилишда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар кўриб чиқилиб, тасдиқлаш учун ҳудудий сайлов комиссиясига “E-saylov” ахборот тизими орқали тавсия этилгани маълум қилинди.
Мажлисда участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди ва бу ҳақдаги маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланди.