ҲСК ваколатлари

Ҳудудий сайлов комиссияси:


тегишли ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ташкил этади;


тегишли ҳудудда ушбу Кодекснинг ижроси устидан назоратни амалга оширади, унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди ҳамда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари юзасидан тушунтиришлар беради;


халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округларини тузади, уларга ном ва тартиб рақами беради, чегараларини, сайловчилар сони, сайлов округларининг рўйхати ҳамда округ сайлов комиссиялари жойлашган ер тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;


туман, шаҳар ва округ сайлов комиссияларини тузади ҳамда уларнинг таркиби ва жойлашган ери тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;


тегишли туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятига раҳбарлик қилади;


янги ташкил этилган туманнинг, шаҳарнинг халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округларини тузади;


сайлов участкаларини тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади;


сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор қилади;


участка сайлов комиссияларини тузади ва уларнинг таркиби ҳақидаги маълумотларни эълон қилади;


туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолиятини йўналтириб боради, агар уларнинг қарорлари ушбу Кодексга зид бўлса, ушбу қарорларни мустақил равишда ёки вилоят, туман, шаҳар прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилади;


халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзодларни белгиланган тартибда рўйхатга олади ва улар ҳақидаги маълумотлар расмий эълон қилинишини ташкил этади;
рўйхатга олинган номзодларга гувоҳномалар беради;


номзодлар ва сиёсий партияларга сайлов кампаниясида иштирок этиши учун тенг шароитларни таъминлайди;


Қонунчилик палатаси депутатлигига ҳамда халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ва уларга тегишли гувоҳномалар беради;


депутатликка номзод этиб рўйхатга олинганларнинг таржимаи ҳоли ва дастурларининг асосий йўналишларини чоп этиш ҳамда участкаларга етказиб беришни таъминлайди;


сайловларни вилоят, Тошкент шаҳри миқёсида ёритувчи маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказади ва тегишли гувоҳнома беради;


сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларни рўйхатга олади;


пул маблағларини тегишли сайлов комиссиялари ўртасида тақсимлайди, сайлов комиссияларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, сайловни моддий-техник жиҳатдан таъминлашга доир бошқа масалаларни кўриб чиқади;


халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши сайловига доир сайлов бюллетенларининг, сайлов комиссиялари баённомаларининг, ўз муҳрининг, сайловга оид бошқа ҳужжатларнинг тайёрланишини таъминлайди;


сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитади;


халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига ўтказилган сайлов якунларини чиқаради, сайланган депутатларни рўйхатга олади, сайлов якунлари тўғрисидаги маълумотларни ва сайланган депутатларнинг рўйхатларини матбуотда эълон қилади;


депутатларга вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутати гувоҳномасини ва кўкрак нишонини беради;


вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари такрорий сайлови, шунингдек бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайлови ўтказилишини ташкил этади;


сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно;


ушбу Кодекс талаблари бузилганлиги тўғрисидаги материалларни судга ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади;


сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг архивларга ва идоравий архивларга топширилишини таъминлайди;


Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида тегишли ҳудуд бўйича сайлов натижаларини аниқлайди ва уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади;


халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов якунлари тўғрисида тегишли халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига ахборот беради;


маҳаллий Кенгашларга сайлов якунлари тўғрисида Марказий сайлов комиссиясига ҳисобот беради.


Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ушбу Кодексда назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ҳудудий сайлов комиссияларининг ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси амалга оширади.

 

Сайлов кодекси 20-модда